15 июль куни “Ангрен шакар” МЧЖ ва “Хоразм шакар” МЧЖлар расман иш фаолиятини тўхтатгани тўғрисида хабар берилганди.

“Ангрен-шакар” МЧЖ матбуот хизмати буни хомашё захирасининг тугаганлиги  ва маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчилар бозордаги рақобатга бардош бера олмаётганлиги, бозорларни нисбатан арзон импорт шакар эгаллагани билан изоҳлаганди.

Таҳририят мазкур хабар юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан боғланганида қўшимча равишда қуйидагилар маълум бўлди.

Маълумот берилишича, жорий йилнинг июль ойида республикада фаолият юритаётган шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан биржа савдоларига жами 12 минг тонна шакар қўйилган.

Хусусан, 16 июль куни “Ангрен шакар” МЧЖ томонидан 650 тонна, “Хоразм шакар” МЧЖ томонидан 350 тонна маҳсулот қўйилган.

Бугунги кунда иккала корхона омборларида 47 минг тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот мавжуд ва сотилган маҳсулотларнинг харидорларга юкланиши давом этмоқда.

Корхоналар фаолияти тўхтатилиши вақтинча эканлиги ва мақсад ишлаб чиқариш тизимида тозалаш ва таъмирлаш ишларининг амалга оширилиши эканлиги маълум бўлди.

Корхоналар омборларидаги тайёр маҳсулот қолдиғи профилактика ишлари якунига қадар етарли миқдорда мавжудлиги ҳисобига шакар савдоларига қўйиб борилиши ва таъмирлаш ишлари якунланиши билан яна заводлар ўз фаолиятини давом эттириши режалаштирилганлиги маълум қилинди, дейилади қўмита томонидан.

Ушбу хабарларга “Ангрен шакар” МЧЖ бош директори Рустам Акбарходжаев ва “Хоразм-шакар” МЧЖ бош директори Умиджон Комиловлар ўз муносабатини билдиришди.

“Ўзбекистондаги мавжуд иккита шакар заводи хом-ашё тугаганлиги муносабати билан ишлаб чиқаришни вақтинчага тўхтатган эди. Ҳозирча ушбу вазиятдан фойдаланган ҳолда заводдаги барча ускуналарда профилактик тозалаш ишлари олиб борилмоқда. 

Хорижий ҳамкорлар билан музокаралар ўтгазган ҳолда хом-ашё муаммоси ҳам бартараф этилмоқда. Яқин кунларда иккита заводда ишлаб чиқариш тўлиқ қувват билан бошлаб юборилади”, дейилади расмий муносабатда.

Маълумотларга кўра, “Ангрен шакар” МЧЖ ва “Хоразм шакар” МЧЖда жами 2 минг киши меҳнат қилади.

Манба: www.kun.uz